Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Галитоз – ичим носоз.

      Ҳидлар хаётимизда муҳим ўринга эга. Айрим ифорлар инсонни ўзига жалб этса, бошқалари ўзидан қочиради. Оғиздан келаётган нохуш ҳид одамга муаммо туғдириш мумкинлигини баъзилар ўйлаб ҳам кўрмайди, баъзилар эса бундай ҳид туфайли хижолат бўлиб, ўзини бошқалардан олиб қочади.
      Кўпчилик ўзининг нафасига азбаройи ўрганиб кетганлигидан унинг қанчалик мусаффолиги ҳақида ўйлаб кўрмайди. Тўғри уни билиш учун яқинларимизга мурожаат этишимиз ёки ўзимиз мустақил аниқлашимиз ҳам мумкин. Нафасингиз нақадар тозалигини билмоқчи бўлсангиз, кичикроқ момиқни пилик қилинг-да, тилингизнинг ўрта қисмига қўйиб бир оз намланг. Кейин ҳидлаб кўрасиз.
      Тиббиётда оғиздан келаётган ноҳуш ҳид – галитоз, стоматодисодия, озостомия сингари атамалар билан юритилади. Статистик маълумотларга қараганда, дунё аҳолсининг 25 фоизидан ортиғи ушбу муаммодан қийналади.
      Кўпчилик бундай ҳолатда шифокорга мурожаат этмасдан, “нозик масала”ни ўз билганича ҳал этишга уринади. Бу вақтинчалик натижа беради, холос. Фақат мутахассисгина муаммонинг туб сабабини аниқлаб, самарали муолажа белгилайди. Аввало, стоматологга мурожаат этиш лозим. Агар муаммони оғиз бўшлиғи касалликлари келтириб чиқармаган бўлса, терапевт кўригига бориб, гастроэнтеролог, оториноларинголог, эндокринолог сингари шифокорларнинг кўригига заруриятини аниқлаш даркор.
      Нохуш хид сабаблари:

  • оғиз бўшлиғининг нотўғри гигиенаси;
  • кўпинча ёқимсиз ҳид оғиз бўшлиғи, бурун, ҳалқум, баъзида ошқозон-ичак йўлларидаги бактерияларнинг ҳаётий фаолияти давомидага маҳсулотлар ҳисобига пайдо бўлади. Бундай бактерияларнинг сони 120 дан ортиқ. Уларнинг ҳаёт кечириши учун милкдаги касал бўшлиқлар, кариоз бўшлиғи, тиш оралари, томоқ бодомча безидаги яширин чўнтаклар ва улардаги бактерия ва майда ўровли йирингли учоқлар, ҳалқум ва бурун, гаймор бўшлиғи, тилнинг орқа 3/1 қисми жуда қулайдир;
  • умумий тана қувватининг пасайиши;
  • нафас аъзолари касалликлари: бронхоэктаз, ўпка абцесси;
  • тамаки чекиш оғиз бўшлиғини қуритиш орқали нохуш ҳидни яна-да куайтиради;
  • айрим дори – дармонлар, жумладан аксилгистаминлар, шиш, ҳафақонга қарши ҳамда тинчлантирувчи дорилар, аксилдепрессантлар сабаб бўлади. Улар туфайли оғиз бўшлиғида сўлак ажралиши пасайиб, озиғ “қурийди”. Бу эса ўз навбатида бактериялар сонининг ошишига сабаб бўлади;
  • оғиз қуриши ва нохуш ҳид кўп гапирадиган кишиларда ҳам учрайди;
  • парҳездаги кишиларнинг танасидаги ёғлар эриши натижасида оғиздан нохуш ҳид келиши мумкин. Бундай ҳолларда кўпроқ суюқлик ичиш лозим;
  • қандли диабетни асоратли даврида ацетон ҳиди келса, буйрак касалликлрида эса азот алмашинувининг бузилиши натижасида аммиак ҳиди келиши мумкин.

      Оғиздан келаётган нохуш ҳидга ошқозон-ичак тизими аъзолари хасталикларини кўрсатиш баҳсли масала. Чунки қизилўнгачнинг кириш қисми ҳам; ошқозонга ўтадига чиқиш қисми ҳам одатда берк бўлади. Қизилўнгач ёпиқ найчасимон аъзо бўлиб, дарҳақиқат айрим касалликларда кекирганда ташқарига нохуш ҳид чиқиши мумкин: ўн икки бармоқ ичак яраси ва чандиқлари асорати оқибатида овқат каналининг тўсилиши, меъда шираси кам бўлган гастрит, меъда ўсмаси туфайли овқат ўтишининг бузилиши натижасида овқатнинг меъдада туриб, сасиб қолиши ва ҳоказо. Шу билан бирга жигар, ўт қопи, меъда ости бези ва ичак касалликлари сабабли айрим заҳарли моддаларнинг қон орқали сўрилиб, нафаснинг мусаффо бўлмаслиги тўғрисида муаллифларнинг фикрлари мавжуд. Лекин амалиётимдаги кузатишларим гастрит, ўн икки бармоқли ичак яра касаллиги билан оғриган юзлаб беморларда бундай нохуш ҳидларнинг бўлмаслигини кўрсатмоқда.
      Галитоз билан жиддий курашиш истагида бўлганлар, аввало, оғиз бўшлиғи – томоқ бодомчасимон бези, тиш, тил ва милклар, эндокрин ва иммун тизими, қийшайган бурун суяклари ва, ниҳоят ошқозон, ўпкани текширувдан ўтказиб, сабабини ойдинлаштиришлари лозим.
      Нохуш ҳидни кетказиш йўллари:

  • Оғиз бўшлиғи гигиенаси: тиш ва улар оралиғини, барча юзаларини бир кунда 2 марота камида уч дақиқадан ювиш;
  • ҳар сафар овқатлангандан сўнг оғизни сув билан чайқаш;
  • тиш ипларидан фойдаланиш;
  • тилни карашини тозалаш, шу мақсадда чиқарилган махсус анжомдан ёки мисвокдан фойдаланиш;
  • димоғни чайиш;
  • оғиз бўшлиғини таркибида хлоргиксидин эритмаси бўлган махсус суюқликлар билан чайқаш;
  • агар касбингиз узоқ вақт нутқ сўзлашни тақзо этса, оғиз бўшлиғи қуриб қолишининг олдини олиш мақсадида вақти-вақти билан сув ичиб туриш (оддий ёки газланмаган маъданли сув);
  • оғиз бўшлиғида сўлак ажралишини рағбатлантирувчи махсус шакарсиз сақич ва попукқандлардан фойдаланиш;
  • стоматолог кўригидан ўтиб туриш;
  • 7-10 кун мобайнида дорихоналарда дориқоғозсиз сотиладиган таркибида мойчечак бўлган ромазулан, артишок бўлган хофитол (Франция) эритмалари билан оғиз бўшлиғини 3-4 махал чайқаш;
  • оғиз бўшлиғидаги ноҳуш ҳидни бартараф этишда: бодиён, қалампирмўнчоқ, долчин, кашничдона, ялпиз, райхон, наъно сингари гиёҳлар ҳам ёрдам беради.
  • Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (С.А.В.) дан суннат бўлиб қолган, матбуотда кенг ёритилган мисвок тутиш одоби ва кўникмаларини бажариш – оғиз бўшлиғида соф ҳаво сақлаб туришда муҳимдир

      Нафасингиз доимо мусаффо бўлсин!!!

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 20 май сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com