Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

Хеликобактер пилори – инқилобга сабабчи бактерия.

      Яқин-яқингача тиббиёт билимдонлари ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, гастритларни келиб чиқишига турли омилларни сабаб қилиб кўрсатишар эди. Бироқ ХХ асрнинг 80-йилларига келиб австралиялик икки олим юқоридаги касалликларнинг асосий “айбдор”ини фош этгач, эски қарашларда инқилобий бурилиш ясалди.
      1984 йилда Барри Маршал ва Робин Уоррен сурункали гастрит билан оғриган бемор меъдасидан олинган шиллиқ парда намунасида спиралсимон таёқча шаклида хеликобактер пилори бактриясини кашф этишди. Ушбу ихтиро гастрит ва кейинчалик ўн икки бармоқ ичак яраси фанда юқумли касаллик деб юритилишига сабаб бўлди. Бу эса ўз навбатида ушбу хасталикларни даволаш усулларида тарихий-инқилобий бурилиш ясади.
      Яқин 22 йил давомида олиб борилган тадқиқодлар, баҳс-мунозаралар натижасида, охир-оқибат, Нобель қумитаси юқоридаги икки кашфиётчини 2005 йилда физиология – тиббиёт йўналишида Нобел мукофотига лойиқ деб топди.
      Ҳозиргача “ошқозоним тошни есам ҳам, ҳазм қилади” деган гап бор. Чунки меъда ширасидаги кислота унча-мунча микробларнинг пастга ўтишига тўсқинлик қилади ва кўпинча уларни ҳалок қилади. Хеликобактер пилори эса меъда ширасидаги кислотадан ҳимояланувчи қобиққа эга бўлиб, ўзининг хаётий фаолияти давомида чиқарган заҳарли модда орқали хужайраларни емириб, шиллиқ парда ҳимоя кучларини камайтиради ва яра пайдо бўлишига сабаб бўлади.
      ЗАРУР ТАВСИЯЛАР
Хозир Тошкентнинг қатор клиникалари ва вилоят марказларида хеликобактер пилорини турли тиббий таҳлиллар орқали аниқлаш йўлга қўйилган. Эндоскопия ёрдамида меъда ёки ўн икки бармоқ ичагингизда яра касаллиги аниқланиб, қон ёки меъдангиздан олинган намунада хеликобактер пилори топилгач, даволовчи шифокор аксилхеликобактер даво мажмуасини буюрган бўлса қуйидагиларга риоя қилинг:
      Хеликобактер пилори бактериясига қирон келтириш, уни йўқ қилиш учун бир нечта дориларни биратўла ичишга тўғри келади, шунинг учун:

  • аввало даво муолажасини бошлашдан олдин пенициллин қаторидаги антибиотикларга аллергия бор йўқлиги ҳақида даволовчи шифокорни огоҳлантиришингиз зарур. Яъни пенициллин, ампенициллин, оксапм, амоксациллин – сингари дориларни илгари қабул қилган бўлсангиз, аллергик ҳолат кузатилган-кузатилмаганини ойдинлаштиринг;
  • шифокор буюрган дориларни қатъий белгиланган тартибда (кўпинча икки махал, эрталаб ва кечқурун) ичинг;
  • дориларни кўрсатилган доза(миқдор) да ичинг, адашманг;
  • дориларни ўз вақтида ичиш ёдингиздан кўтарилса, бир оз вақт ўтгач, ичса бўлади. Лекин зинҳор кейинги дори ичиш вақтига қўшиб ичиш мумкин эмас. Бу бир мароталик дозани ошиб кетиши ва нохуш белгиларнинг пайдо бўлишига олиб келади;
  • даво курси бир нечта босқичдан иборат бўлса, буюрилган ҳамма дориларни ичинг. Дориларни ичишни муддатдан олдин тўхтатиш касалликнинг қайталанишига ёки асоратланишига сабаб бўлади. Одатда яра тўлиқ битиб, чандиқлар ҳосил бўлиши учун 4-8 ҳафта фурсат керак;
  • дориларни ичиш мобайнида қуйидаги белгилар кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас: енгил бош оғриши, кўнгил айниши, ич дам бўлиши, ич кетиши ёки қотиши, оғизда тахирлик пайдо бўлиши. Лекин ҳавотирланманг: улар ўткинчи;
  • агар аллергик холат кузатилса, яъни терига тошмалар тошса, қичишса, аҳволингиз ёмонлашса, зудлик билан даволовчи шифокорга хабар беринг ёки турар жой тез тиббий ёрдам марказига кечиктирмай мурожаат қилинг!

      Олдини олган яхши! Бактериянинг юқиши ва даволангандан сўнг қайта юқишнинг олдини олиш жуда муҳим. Биринчи навбатда бемор ва атрофдагилар шахсий покизалик қоидаларига риоя этиши зарур:

  • овқатланишдан олдин қўлни обдон ювинг;
  • ювилмаган идиш-товоқлардан фойдаланманг;
  • таомни луқмаларга бўлиб, оз-оздан енг;
  • шахсий покизалик анжомларидан бошқалар фойдалаишига йўл қўйманг;
  • ўпишиб кўришманг;
  • тамаки чекиш, алкоголь ичишни бас қилинг;
  • хеликобактер пилори аниқланган беморнинг яқинлари, оила-аъзоларида ҳам ташхислаш, керак бўлса, даво-профилактик чора тадбирларини қўллаш даркор.

      Ўн беш йиллик амалиётимда шунга ишонч ҳосил қилдимки, ўн икки бармоқ ичак ярасига чалинган беморлар тавсия этилган аксилхеликобактер мажмуавий даво босқичини тўғри ва оқилона ўтказса, яра касаллиги буткул тузалиб, асоратлари камаяди, меъда ва ўн икки бармоқ ичакда ўтказиладиган жаррохлик амалиётининг камайишига олиб келади.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 1 апрель сонида чоп этилган ("Саломатлик кушандаси" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com