Ташхис газетасида чоп этилган мақолалар:

  1. Жиғилдон қайнаши жафолари.
  2. Таъсирчан ичак тажангликлари.
  3. Ўт ҳалтасиз ўтаётган кунлар.
  4. Ёғли жигар - хавфли жигар.
  5. Эндоскопия - ичингиздаги олам инъекоси.
  6. Хеликобактер пилори - инқилобга сабабчи бактерия.
  7. Эҳтиёт бўлинг: Гастропатия!
  8. Қоним кетди - жоним кетди.
  9. Ич нега қотади?
  10. Халитоз - ичим носоз.
  11. Диспепсияни даволаш даркор!
  12. Шамоллашнинг дорисиз даволари.
  13. Қорин нега дам бўлади?

Келгусида чоп этиши режалаштирилган мавзулар: "Ўт қопи яллиғланиши", "Панкреатит қандай дард?", "Яра - унга вақтида қара", "Гижжа" ва бошқалар.

Тез-тез бериладиган саволларга жавоблар:

Шифокор рецептисиз (дори қоғоз) қабул қилинадиган дори-дармонлар.

Бу жой хомийларнинг рекламаси учун:

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: ГАСТРОПАТИЯ !!!

      Тиббиётда яллиғланишга қарши ностероид препаратлар деб аталувчи воситалар кўпинча дорихоналарда рецептсиз сотилади ва шифокор кўрсатмасисиз қабул қилинади. Бундай дорилар иситма туширишда, бош, бел, қўл-оёқ, тиш, мушаклар оғриганда ёки аёлларда ҳайз нохушликларида қўлланилади. Лекин ушбу гуруҳга кирувчи дори-дармонларнинг аксарияти меъда-ичак тизими аъзоларининг шиллиқ пардасига салбий таъсир кўрсатади. Шиллиқ пардадаги простогландин ва бикорбанат сингари ҳимоя қатламларининг яратилиш жараёнига тўсқинлик қилади. Бу эса ўз навбатида қизилўнгач, ошқозон ва ўн икки бармоқ ва ингичка ичакларда емирилиш ҳамда яралар келиб чиқишига сабаб бўлади.
      Амалий тиббиётда шу яллиғланишга қарши ностероид дори (ЯҚНД) воситаларининг қўлланилиши туфайли – меъда-ичак тизими аъзоларинниг юқори қисмида эрозия ва яраларнинг пайдо бўлиши – ЯҚНД сабаб бўлган гастропатия деб юритилади.
      Қуйидаги кишиларда яллиғланишга қарши ностероид дориларнинг ножўя таъсири хавфи кўпроқ кузатилади:

  • 60 ёшдан ошганлар;
  • илгари меъда ва ўн икки бармоқ ичакда яра ва унинг асорати (қон кетиши)ни ўтказганлар;
  • юрак–қон томир, нафас, таянч ҳаракат аъзоларида сурункали хасталиклари бор кишилар, айниқса, шу хасталиклар туфайли узоқ муддат дори ичиб юрганлар;
  • спиртли ичимликлар ичувчилар;
  • яллиғланишга қарши дори воситаларини ҳам ичадиган ҳам инъекция қилдирадиганлар.

      Гастропатияни олдини олиш учун қуйидагиларга риоя қилиш лозим:

  • Ўзингиз ёки шифокор тавсиясига қўра айрим касалликларда ацетилсалицил кислота – аспирин ва таркибида шу модда бўлган бошқа дорилар (цитрамон, аспирин упса), тримол, диклофенак натрий, индометацин, ибуброфен ва таркибида шу модда бўлган бошқа дорилар (диклоберл, диклоран, корфлам, юнифлам, ринза, кетонал, цинепар) сингари яллиғланишга қарши ностероид дориларни ичиш лозим бўлса, уларнинг йўриқномасидаги қўрсатмаларга қатъий риоя қилинг;
  • ҳамиша даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг;
  • имкон қадар дориларни ўзингиз мустақил ёки кимнингдир тавсияси билан ичманг ва бошқаларга ҳам ичишни тавсия қилманг;
  • илгари меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси билан касалланган бўлсангиз, шифокорга борганда бундан огоҳлантиринг;
  • яллиғланишга қарши ностероид дориларни ҳам ичиб, ҳам укол олишдан сақланинг;
  • агар яллиғланишга қарши ностероид дорини қабул қилиш ҳаётий зарур бўлса, энг кам зиён етказадиганини ичиш учун шифокор билан маслаҳатлашинг. Ёхуд уларнинг тажовузкор таъсиридан меъда шиллиқ пардасини ҳимоя қилиш мақсадида даволовчи шифокордан - омепразол, лансопразол, пантапразол, рабепразол, эзомепразол сингари қўшимча дориларни ёзиб беришни сўранг;
  • яллиғланишга қарши ностероид дориларни ичиш давомида тўшости соҳасида оғриқ, иштаҳасизлик, оғизда бемаза таъм ва нохуш хид пайдо бўлса, нажас ранги қора тусга кирса, дарҳол даволовчи шифокорни огоҳ этинг ёки яқин орадаги тез-тиббий ёрдам марказига мурожаат қилинг.

      Шуни унутманг, ҳар қандай дори воситаси кимёвий таркибга эга. Шунинг учун мустақил ичишингиз зарур бўлиб қолганда ҳам, эхтиёткорлик билан ёндашинг; муолажани бошлашдан олдин йўриқномаси билан обдон танишиб чиқинг. Бу гастропатиянинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

"Ташҳис" газетасининг 2010 йил 15 апрель сонида чоп этилган ("Шифокор қабулида" рукнида)

Бош саҳифа   Ўзингни англа!   Шарқ табобати   Муаллиф ҳақида   Bolajon sahifasi  
             © GASTRO.UZ-2014 All rights reserved. Web-design by Mahmud Ortiqov: mahmudjonaka@gmail.com